Қашқадарё вилояти Қарши туманида замонавий тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган хорижий корхона қурилиши бошланди.

Шу муносабат билан ўтказилган ва вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, хорижий инвесторлар, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётимизга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, қулай ишбилармонлик муҳити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давлат раҳбарининг соҳани ривожлантиришга оид фармонларига асосан хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарга бир қатор имтиёз ва преференциялар берилгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонунида хориж сармояларини амалга ошириш шакллари, улар учун ҳуқуқий асослар ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикасининг “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунида хорижлик сармоядорлар ҳуқуқларининг кафолатлари, уларни ҳимоя қилиш ҳамда бу борадаги кафолатларни бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.

Янги корхона Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 октябрдаги “Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида замонавий тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Нидерландиянинг “LT Textile Cooperatief U.A” компанияси томонидан барпо этилмоқда.

Замонавий ва энергия тежамкор самарали технологиялар билан жиҳозланадиган корхонада тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шунингдек, корхона қошида тўқимачилик асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган сервис маркази ташкил этилади.

Корхона қурилишини 2016 йил ноябрь ойида якунлаш режалаштирилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, корхонада 2017 йилнинг биринчи чорагида 20 минг тонна пахта толаси қайта ишланади. 15 минг тонна ип калава ва аралаш калава ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 80 фоизини экспортга йўналтириш ва ташкил этилаётган ишлаб чиқариш лойиҳадаги қувватга етказилганда 700 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

"Вилоятда бу каби корхоналарнинг барпо этилиши, биринчи навбатда, тикувчилик йўналишидаги фабрикалар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда турли кийим-кечак тайёрлаш учун зарур бўладиган газламалар четдан келтирилмоқда ва бу маҳсулот таннархининг ошишига сабаб бўлмоқда. Янги корхона бундай муаммони бартараф этиш ва энг асосийси, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади", – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Саъдулла Бобоқулов.