Тошкентда Осиё-Тинч океани Узатиш иттифоқи форуми (ABU 2015 Tashkent Forum) бўлиб ўтди. Ундан кўзланган асосий мақсад минтақада телерадиоузатиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатишдир.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг маълум қилишича, тадбирда 13 мамлакат телевидениеси ва радиосининг 26 нафар вакили иштирок этди. Тадбир давомида маданий мулоқот, малака алмашиш ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, соҳага юқори технологияларни жорий қилиш, рақамли телевидениега ўтиш жараёнини тезлаштириш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Икки кун давомида телемаҳсулотлар яратиш ҳамда уларни мамлакатлараро алмашиш масаласига бағишланган бир қатор тақдимотлар кўрилди. Бундан ташқари, меҳмонлар учун Тошкент шаҳри бўйича саёҳат уюштирилди. Улар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ташриф буюришди. Улар учун телерадиокомпания фаолияти ҳақида тақдимот намойиш этиб берилди.