Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида қўшнисининг 20 гр тилла тақинчоғини алдов йўли билан олиб қўйган қаллоб қўлга олинди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси хабар бермоқда.
Айтилишича, Ҳалим Темиров Matiz русумли автомобиль сотиб олиб, қарзга кириб қолган. Шу боис у қизи Нилуфарнинг 20 гр тилла занжирини сотишга қарор қилган. Тақинчоқни сотиб бериш учун у қўшнисининг ўғли Самир Валиевдан ёрдам сўраган. Аммо Самир Валиев қимматликка ўзи эга чиқиш учун дўстлари Мурод Валиев ва Шуҳрат Ғаниевлар билан режа тузган.
У “харидор топдим” деб Темировни дўстларининг олдига олиб борган. Аммо буюмни кўриш пайтида дўстлари тўсатдан уни эгасига қайтармасдан қочиб кетишган. Самир ўзини билмасликка олган.
Темиров дарҳол туман ИИБга мурожаат қилган. Гувоҳларнинг кўрсатмаларини солиштириш натижасида уч йигит режа тузиб, Темировни чув туширишга урингани аниқланган. Қимматлик эгасига қайтарилиб, жиноятчилар жавобгарликка тортилган.