"Челси" жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо Англия Суперкубоги учун "Арсенал"га қарши ўтказиладиган ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Ҳозир бизда ҳаммаси яхши. Қисқа парвозлар орқали Лондонга қайтиб келдик. Мавсумолди йиғини истаганимиздек ўтди.
Англия Суперкубоги учун ўтказиладиган ўйин ўртоқлик мақомида бўлмайди. Бу "Челси"нинг "Барселона" ёки "ПСЖ" жамоаларига қарши ёки "Арсенал"нинг "Вольфсбург" жамоасига қарши ўтказган ўйинларидан кўра жиддийроқ ўйин бўлади. Лекин, бу ўйин АПЛнинг тур ўйини билан ҳам тенглаша олмайди.
"Биз "Нью-Йорк Ред Буллс"га ютқаздик ва хафа бўлдик. Биз натижа кўрсатиш учун ўйнаймиз. Англия Суперкубоги учун мотивация бошқа ўртоқлик учрашувлари ва мусобақалардагидан фарқ қилади. Бу совринлар ютишнинг дебочаси бўлиши ҳам мумкин.
Мен жамоамиз яхши натижа кўрсатишидан хурсанд бўламан. Рақиб "Арсенал" бўладими ёки бошқасими, фарқи йўқ. "Челси" бу ўйиндаги рақибга принципиал рақибни ер тишлатиш важоҳати билан тушмайди, муҳими натижага эришиш.
Биз "Арсенал"га қарши 13 ўйиндан бери мағлуб бўлмаганмиз. Лекин ўйинда ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин. "Арсенал"ни ютиш бизга алоҳида ғурур бахш этмайди ва бу жамоадан мағлуб бўлиш ҳам бизни чуқур қайғуга солмайди. Ҳаммасига тайёр туриш керак. Мен бу ўйинда ютқазсак ҳам бундан фожиа ясамайман.
"Арсенал" юқори даражадаги жамоа. 2 йил олдин Англияга қайтиб кўрдимки, уларда яхши жамоа шакллантирилган. Уларда яхши дарвозабонлар ҳамиша бўлган. Уларнинг қаторига янги мавсум арафасида яна бири қўшилди (Айнан "Челси"дан "Арсенал"га ўтган Питер Чех - Кун.уз изоҳи). Уларнинг заиф нуқтаси дарвозабон эмаслиги аниқ", дейди португалиялик мураббий.

Эслатиб ўтамиз, Англия Суперкубоги учун ўйин 2 август куни ўтган мавсум чемпиони "Челси" ва ўтган мавсумда Англия Кубоги эгаси бўлган "Арсенал" ўртасида "Уэмбли" стадионида ўтказилади.