АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ва унинг рафиқаси, собиқ Давлат бош котиби, мамлакат президентлиги учун навбатдаги сайловга Демократлар партиясидан ўз номзодини қўйган Ҳиллари Клинтон биргаликда 2007 йилдан 2014 йилгача 140 млн доллар даромад қилишган. Бу ҳақда Рейтер нашри хабар берди.

Бу маълумот Ҳиллари Клинтоннинг солиқ ҳисоботи эълон қилиниши орқали аниқ бўлган.

Маълум қилинишича, уларнинг асосий маблағи маърузалар ҳисобидан тўпланган. Ҳиллари Клинтон шу йўл орқали 2013 йилда 23 млн доллар ишлаб топган. 

Ҳиллари Клинтоннинг айтишича, бу солиқ ҳисоботи у ўзининг хизмат даврида ваколатларини суиистеъмол қилмагани ҳамда шахсий почтаси орқали махфий ёзишмалар олиб бормаганини исботлайди.

Бироз олдинроқ, Клинтон хоним шу 8 йил давомида давлатга 43 млн доллар солиқ тўлагани маълум қилинганди.