Бироз олдинроқ “Тошкент трамвайи” ДУК ва “Тошшаҳартрансхизмат” АК 2015 йилнинг 1 августидан Мирзо Улуғбек шоҳкўчасидаги трамвай линияси олиб ташланишини маълум қилганди. Тошкент ҳокимияти бу шоҳкўчани кенгайтириб, ундаги полосалар сонини 8тага етказишга қарор қилган.

Uzbekistan Today агентлигига “Тошшаҳартрансхизмат” бошқарув раиси Отабек Содиқовнинг маълум қилишича, олиб ташланадиган трамвай линияси ўрнига кўчани 10 метрга кенгайтириш ишлари бошланади. Йўлда шунингдек, кўприк қуриш режалаштирилган.

“Бугунда Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси ва унга туташувчи йўллар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини боғловчи бўғин ҳисобланади. Бу йўл Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманига олиб борувчи асосий трасса ҳисобланади. Бу ерда мунтазам тирбандликлар юзага келмоқда. Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида 13-трамвай йўналишини қисқартиришга ва трамвай йўлларини олиб ташлашга қарор қилинди”, деб таъкидлаб ўтди Содиқов.

“Тошшаҳартрансхизмат” раҳбарининг айтишича, бундай қарорнинг қабул қилинишига трамвайдан фойдаланишнинг ўзини иқтисодий томондан оқламаганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

“Трамвайда одам ташишнинг таннархи ҳозирги 1000 сўм нархдан 2,5 баробардан кўпроқни ташкил қилади. Яъни одамлар зиён кўрмаслигимиз учун 2,4-2,6 минг сўм тўлашлари керак. Бу борада автобус билан ташишлар 1,5 баробар арзонроққа тушади, шунинг учун 31 июлдан “ТТЗ – Тошкент вокзали” йўналиши бўйича янги 14-рақамли автобусни киритишга қарор қилинди. Бу йўналиш олиб ташланган трамвай линиясини такрорлайди. Ҳозирда ушбу йўналиш бўйича 7-8 дақиқалик интервал билан 12та автобус ҳаракатланмоқда, зарурат пайдо бўлганда автобусларнинг миқдори оширилиши ва интерваллар қисқартирилиши мумкин”, деб қўшимча қилиб ўтди Содиқов.