Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида давом этаётган Халқаро Олимпия қўмитасининг 128-сессияси давомида 2016 йилги Рио-де-Жанейро олимпиадаси машъаласи 2016 йилнинг 21 апрель кунида Грециядаги Олимпия қишлоғида ўт олдирилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда "Рио-2016" бўйича тузилган ташкилий гуруҳ раҳбари Марио Андрада маълум қилган.

Олимпия машъаласи Бразилияга 3 май куни етиб бориши айтилган. Шундан кейин 100 кун давомида машъала дунёнинг 83 шаҳрини кезиб чиқади. Машъалани олиб юриш эстафетасида 12 минг спортчи иштирок этади.

Эстафета давомида аҳоли яшайдиган 500дан ортиқ пунктлардан ўтилади. Ташкилотчиларнинг ҳисобларига кўра, бу орқали машъала олиб ўтилган давлатлардаги аҳолининг 90 фоизи уни кўриш имконига эга бўлади. Олимпиада рамзи ерда 20 минг км, ҳавода эса 16 минг км масофани босиб ўтади.

Маълумот учун, Рио-де-Жанейрода Ёзги Олимпиада 2016 йилнинг 5 августидан 21 августигача бўлган кунларда ўтказилади.