31 июль куни Samsung’нинг бозордаги капиталлашуви 150,2 млрд долларни ташкил қилди. Ваҳоланки, бир кун аввал – 30 июлда унинг нархи 167,1 млрд долларни ташкил қилаётган эди. Таққослаш учун: корейс компаниясининг маҳаллий рақобатчиси – LG Electronics’нинг капиталлашуви бор-йўғи 5,7 млрд долларни ташкил қилади.

Компания акциялари нархининг пасайиши смартфон сотиш бўйича энг йирик ишлаб чиқарувчи бўлган компания бешинчи бор кетма-кет даромадларнинг пасайиши қайд қилинаётган чораклик ҳисоботни чоп этгандан кейин юз берди.

Компания ўзининг охирги молиявий ҳисоботида қурилмалар бозорининг сустлашгани ва микрочипларга талабнинг пасайганлигидан огоҳлантирган эди. Apple’нинг iPhone смартфонлари савдоси ошаётган ва хитойлик рақобатчилар томонидан қаттиқ рақобат кузатилаётган бир пайтда Samsung смартфонларининг дунё бозоридаги улуши 2015 йилнинг 2-чорагида 3 фоизга камайган.

Компания, шунингдек, iPhone 6 ва iPhone 6 Plus флагман моделларидан фарқли ўлароқ камроқ талабгир бўлган Galaxy S6 модели савдо прогнозларида ҳам янглишган. Шу билан бирга компания анча талабгир бўлган, дисплейи ён томонларга тушиб турадиган Galaxy S6 Edge смартфонларини етарлича миқдорда ишлаб чиқармагани ҳам панд берган.

Bloomberg агентлигининг маълум қилишича, Samsung акциялари йил бошидан бери 11 фоизга арзонлашиб кетган, бу эса глобал молиявий инқироз пайтидан бери кузатилаётган энг кучли пасайиш бўлди. Компаниянинг ҳисоб рақамларида 43 млрд доллардан кўпроқ маблағ қолган, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.