“Тошшаҳартрансхизмат” АК жорий йилнинг 1 августидан эътиборан “Тошкент трамвайи” Унитар корхонасига тегишли, Қўйлиқ марказидан ТТЗгача бўлган йўналишда қатновчи 13 трамвайнинг “Тошкент” вокзалидан ТТЗгача бўлган қисми қисқартирилаётганини маълум қилган эди.

Маълум бўлишича, ушбу йўналишнинг умумий узунлиги 21,6 километрни ташкил этиб, Тракторсозлар мавзесидан Юзробот, Мирзо-Улуғбек, Феруза кўчалари орқали, Кичик ҳалқа йўлига чиқиб, Шимолий вокзалгача, сўнг Меҳржон кўчаси бўйлаб Фарғона йўли кўчасидан Қўйлиқ марказигача бўлган 21,6 километр оралиқда ҳаракатланарди.

Мутахассислар томонидан кўп бора ўрганишлар натижасида мазкур йўналишнинг айнан қисқартирилаётган қисмининг ҳам ҳаракат хавфсизлиги, ҳам корхоналарнинг иқтисодий самарадорлиги ва бошқа омиллар қиёслаб чиқилган.

Қайд этилишича, ушбу йўналиш Тошкент шаҳрини Тошкент вилоятининг тоғли туманлари билан боғловчи йилдан-йилга транспорт оқими кучайиб бораётган йўналиш ҳисобланади.

"Ушбу йўналишда айниқса, шанба-якшанба кунлари ҳамда куннинг айни тиғиз пайтида ҳаракатланиш тобора қийинлашиб бормоқда. Қолаверса, ушбу йўналишда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Қибрай, Бўстонлиқ туманлари бўйича катта йўлнинг реконструкция қилиниши, кенгайиши ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади", дейилади “Тошшаҳартрансхизмат” АК хабарида.

“Тошшаҳартрансхизмат” раҳбарининг айтишича, бундай қарорнинг қабул қилинишига трамвайдан фойдаланишнинг ўзини иқтисодий томондан оқламаганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

“Трамвайда одам ташишнинг таннархи ҳозирги 1000 сўм нархдан 2,5 баробардан кўпроқни ташкил қилади. Яъни одамлар зиён кўрмаслигимиз учун 2,4-2,6 минг сўм тўлашлари керак. Бу борада автобус билан ташишлар 1,5 баробар арзонроққа тушади, шунинг учун 31 июлдан “ТТЗ – Тошкент вокзали” йўналиши бўйича янги 14-рақамли автобусни киритишга қарор қилинди. Бу йўналиш олиб ташланган трамвай линиясини такрорлайди. Ҳозирда ушбу йўналиш бўйича 7-8 дақиқалик интервал билан 12та автобус ҳаракатланмоқда, зарурат пайдо бўлганда автобусларнинг миқдори оширилиши ва интерваллар қисқартирилиши мумкин”, дейди “Тошшаҳартрансхизмат” бошқарув раиси Отабек Содиқов.

Унинг маълум қилишича, Тошкентда ишлаб чиқариш, саноат тобора ривож топаётган ҳудудларда аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда компания фаолиятини кучайтириш талаб этилмоқда.

Бугунги кунда собиқ Тошкент Авиация заводининг ҳудудида 7-8 минг нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, минглаб тошкентликлар бу ерда фаолият кўрсатишмоқда. Тошкент Мотор заводини зонаси ҳудудида қарийб ўн мингга яқин ишчи-хизматчилар фаолият юритишмоқда.

Ушбу реал талаб ва эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда Тошкентда янги трамвай йўлларини қуриш ва мавжудларини ўзгартириш (демонтаж қилиш) бўйича ҳам жадал ишлар олиб борилмоқда.

“Тараққиёт” кўчасидан “Оҳангарон” шоссесигача 3,0 километрлик янги трамвай йўлини қуриш ва уни Авиасозлар бекатидан “Роҳат” бекатигача мавжуд бўлган 5,0 километрлик трамвай йўли билан улаш шулар жумласидандир.

"13 – сонли трамвай йўналишининг қисқартирилиши муносабати билан йўналишлардаги йўловчилар оқими ўрганилди. Йўловчиларнинг талабини қондириш мақсадида қисқартирилаётган йўналиш қисмига транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида янги 14-сонли “ТТЗ – Тошкент вокзали” автобус йўналиши ташкил қилинди. Йўналишда “Mercedes- Benz Low Floor” русумли 12 та автобус 7-8 минутли интервал билан ҳаракатланиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда", Отабек Содиқов.

Бундан ташқари, бугунги кунда 13-сонли трамвай йўналишини такрорловчи қуйидаги 8 та автобус йўналиши мавжуд:
“1 А” йўналишида 10 та автобус ҳаракатланиб, А.Югнакий мавзесидан Марказий универмаггача (ЦУМ) бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“16 А” йўналишида 10 та автобус ҳаракатланиб, Тракторсозлар мавзесидан Тошкент вокзалигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“17 А” йўналишида 13 та автобус ҳаракатланиб, А.Югнакий мавзесидан Чорсу савдо марказигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“24 А” йўналишида 12 та автобус ҳаракатланиб, Тракторсозлар мавзесидан Юнусобод 6 мавзегача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“83 А” йўналишида 8 та автобус ҳаракатланиб, Юнусобод 6 мавзесидан Оққўрғон даҳасигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“96 А” йўналишида 9 та автобус ҳаракатланиб, Юнусобод 9 мавзесидан Истиқлол кўчасигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“110 А” йўналишида 9 та автобус ҳаракатланиб, Тракторсозлар мавзесидан Қўйлиқ 9 мавзесигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“129 А” йўналишида 11 та автобус ҳаракатланиб, Юнусобод 17 мавзесидан Авиасозлар бозоригача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади.

"13-трамвай қатновининг бир қисми олиб ташланиши ҳамшаҳарларимизга катта ноқулайлик туғдирмаслиги учун барча чоралар кўрилади. Шунингдек, компания мазкур йўналишда ҳали ўрганишларни давом эттиради ва талаб ва эҳтиёжларни рўёбга чиқариб бораверади", дея шаҳарликларни ишонтиради Отабек Содиқов.