Япония императорлик саройи собиқ император Хирохитонинг мамлакатни Иккинчи жаҳон урушида таслим бўлишга чақирган нутқи ёзилган аудиёзув эълон қилинди. Бу ҳақда Ассошейтед Пресс нашри хабар берган.

Император 1945 йилнинг 15 августида Япониянинг урушда таслим бўлиши ҳақида эълон қилган. Бу 4,5 дақиқалик мурожаатида император жуда паст овозда, эшитилмас даражада нутқ қилган.

Қайта ишланиб, эълон қилинган "таслим бўлиш баённомаси"да ҳам уни тушуниш қийин.

"Бугун негадир овозим жуда паст. Ҳа, баъзи ишларни қилиш жуда қийин", дейди у.

Шундан кейин у барчага бардошли бўлишни тилаб, мамлакат урушда ютқазганини тан олиши кераклигини айтади.

Қайд этиш жоизки, японларнинг аксари ўша куни ўзлари жуда улуғлаб, илоҳ даражасига кўтаришган императорнинг овозини илк марта эшитган.

Императорнинг бу чиқишидан кейин жуда кўп японлар ўзини ўлдирган.

"Менинг билишимча, бир қанча ҳарбийлар бу нутқдан кейин ҳам урушни тўхтатмасдан, жангни давом эттиришган", дейди 1945 йилда сухандон бўлиб ишлаган Томи Тондо.

The Guardian нашрида ёзилишича, бу мурожаатдан кейин ҳам Япония императори армияси кичик лейтенанти Оноде Филиппин ҳудудида уруш тугаганидан бехабар ҳолда курашни давом эттирган.