Японияда саратон билан курашувчи наномашиналарни синовдан ўтказиш ишлари якунига етказилмоқда

Жаҳон 01 Август 2015 1448

Японияда саратонга қарши курашувчи янги восита – дори воситаларини бевосита ўсимтага етказиб бера олувчи наномашиналарни клиник синовлардан ўтказишнинг охирги босқичи бошланди. Бу ҳақда Mainichi газетаси хабар бермоқда.

Янги қурилма асосида касал ҳужайраларни қуритиб юборадиган цисплатин воситасини ташиб юрувчи макромолекулалардан фойдаланиш принципи ётади. Саратон тўқималарида қон томирлари дори воситасига эга капсулаларни ўтказа оладиган кўплаб тешикларга эга. Бундан ташқари, хатарли ўсимталарнинг ичида юқори даражадаги кислоталик мавжуд бўлиб, бу ўсимтани бехато аниқлаш ва унинг ичидаги микроскопик сиғимлар ичидаги токсик моддаларни ташқарига чиқариш имконини беради. Ихтирочиларнинг таъкидлашича, бунда наномашиналар нормал тўқималарга зарар етказмайди.

Цисплатин анчадан буён ўпка, простата бези, тухумдонлар ва ошқозон саратони билан курашишда фойдаланилади, бироқ у жиддий ножўя эффектларга ҳам эга. Наномашиналар ушбу воситани аниқ манзилли ишлатишга ва шу тариқа организмга зиён етказишдан қочишга имкон беради.

Ушбу технология ихтирочиси, Токио университети профессори Катаока Кадзунорининг таъкидлашича, наномашиналар жарроҳлик операциянинг ўрнини боса олмаса ҳам, бироқ улардан онкология рецидиви (такрорланиши) хавфини камайтириш ва метастазалар билан курашишда кенг фойдаланиш мумкин.

Бироқ олимнинг Япония давлат онкология марказида ишловчи ҳамкасби бу наномашиналар борасида ортиқча оптимизмга берилмасликдан огоҳлантирмоқда. “Янги ихтиродан саратонни тўлиқ даволайдиган мўъжизавий таъсир қилувчи дори каби эффект кутиш ярамайди”, деб айтмоқда профессор Ясухиро Мацумура. Унинг айтишича, янги технологиянинг устунлиги унинг ножўя эффектларни камайтиришидан иборат.

Кўпроқ янгиликлар