Англиянинг амалдаги чемпиони “Челси” ва Англия кубоги соҳиби “Арсенал” ўртасидаги Англия Суперкубоги учун ўтказилган учрашув “канонирлар”нинг ғалабаси билан якунланди. Арсен Венгер шогирдлари 2 августда “Уэмбли” стадионида бўлиб ўтган учрашувни 1:0 ҳисобида ютдилар.

Учрашувдаги ягона голни 24-дақиқада Алекс Окслейд-Чемберлен жамоадоши Тео Уолкоттнинг узатмасидан кейин Тибо Куртуа қўриқлаётган дарвозанинг тепа бурчагига киритди.

Бу ғалаба Арсен Венгер бошчилигидаги “Арсенал” учун Жозе Моуринью “Челси”га мураббийлик қилган даврдаги биринчи ғалаба бўлди. Ушбу мутахассислар бошчилигида жамоалар ўртасида ўтказилган аввалги 13 ўйин ёки дуранг, ёки португалиялик мутахассиснинг шогирдлари ғалабаси билан якунланган. Бундан ташқари, “Арсенал” футболчилари “Челси” дарвозасини 500 дақиқадан кўпроқ вақт давомида ишғол эта олмаётган эдилар.

Англия Суперкубоги.
Арсенал (Лондон) – Челси (Лондон) – 1:0
Голлар: Окслейд-Чемберлен, 24 (1:0).
Огоҳлантиришлар: Коклен, 67 – Аспиликуэта, 65.