Тошкент вилоятидаги Белдерсой оромгоҳининг арқон йўлида фавқулодда вазият рўй берди. Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий сайти орқали маълум қилинди.


Маълум бўлишича, 30 июль куни Бўстонлиқ туманидаги ушбу оромгоҳдан ўтган арқон йўлининг тўхтаб қолиши билан боғлиқ равишда келиб чиққан авария натижасида 50 киши ҳавода, кабиналар ичида қолиб кетган. Улар ичида аёллар ва кексалар ҳам бўлган.
Воқеа жойи яқинида, шу тумандаги Чорвоқ ва Чимён истироҳат зоналари ҳудудида қутқариш кўпкураши бўйича республика мусобақаси ўтказилаётган эди. Унда иштирок этаётган 17 жамоа вакиллари етиб келиб, қутқарув операциясини амалга оширди. Операцияга фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Орипов бошчилик қилди. Натижада йўлдаги барча 50 мижоз қутқариб олиниб, ерга туширилди. Ҳеч кимга зарар етмади.