Буюк Британиянинг Чешир шаҳрида CarFest фестивалида пилотаж шакллар бажараётган самолёт фалокатга учради, деб хабар бермоқда The Independent нашри.

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, иккита самолёт манёвр бажараётган пайтда улардан бири фестивал ўтаётган жойдан ташқарида жойлашган ўрмонга қулаган. Шундан кейин фалакка қора тутун устуни кўтарилган. Фестивалга ташриф буюрганлардан кўпчилиги бу ҳолатни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирдилар.

Воқеа борасида батафсил маълумотлар берилмаган. Шунингдек, учувчи катапульталашга улгургани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Воқеа жойига полиция ва тиббий ёрдам хизмати етиб келган.

Аввалроқ Буюк Британиянинг Хемпшир графлигида Бин Ладен оиласига тегишли самолёт қулаганда Усама бин Ладеннинг синглиси ва ўгай онаси ҳалок бўлгани маълум қилинганди.