Ўзбекистон президентининг “Болалар учун кўп ихтисосли тиббий марказ яратиш” лойиҳаси реализацияси борасидаги қарорига биноан EDCF (Economic Development Cooperation Fund – Тараққиёт ва ҳамкорлик иқтисодий жамғармаси) тақдим этган маблағ ҳисобига Ўзбекистон ҳукумати ва Корея экспорт-импорт банки билан шартнома имзоланди. Унга кўра, ўзбекистонлик педиатрлар Корея Республикасида малака ошириб қайтади.
Шу билан боғлиқ равишда соғлиқни сақлаш вазирлиги Пусан миллий университетининг Янгсан шифохонасида бир йиллик таълим дастури бўйича педиатрлар ўртасида танлов эълон қилди. Таълим қуйидаги йўналишларда амалга оширилади: кардиология, юрак-томир жарроҳлиги, неврология, нейрожарроҳлик, эндокринология, нефрология, аллергия, респиратор ва тез ёрдам, офтальмология, инфекция ва клиник иммунология, гастроэнтерология ва нутрициология, пластик жарроҳлик, радиология, анестезиология, гематология ва онкология, неонатология ва тез ёрдам, реабилитация, лаборатория тиббиёти.