Сурия қўшинлари 1 августда террорчиларнинг Ҳалаб жанубидаги ҳарбий-ҳаво академияси биносини босиб олиш ҳаракатини барбод этди. Бу бинода ҳукумат кучларининг мустаҳкамланган лагери жойлашган. Ҳужумни қайтариш жараёнида 25 террорчи ўлдирилган. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда

Ҳалабнинг ғарбий қисмида ҳам босқинчилик уриниши бартараф этилди. Сурия армияси бу ерда жангариларнинг колоннасига авиазарбалар берди.

“Душманнинг Кфар-Даил, Ал-Мансур ва Хан-ал-Асал қишлоқларига кириб бориши тўхтатилди. Жангарилар катта талофат кўрган. Уларнинг етакчилари йўқ қилинди”, деб айтди Сурия армияси вакили.

Шунингдек, Латакиядан шимолдаги Двайршан, Рауд, Дарра ва Ал-Водийдаги жангариларнинг позициялари ҳам йўқ қилинди. 50 га яқин террорчи бартараф этилди.
Сурия армияси Идлиб ва Хама вилоятлари орасидаги Сахл-ал-Габ водийсида ҳам қарши ҳужумни давом эттирди. Қўшинлар бу ерда Марж-аз-Зухур ва Телл-Аур аҳоли пунктлари устидан назоратни қўлга киритдилар.

Шунингдек, Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари қадимги Қалъа-ал-Мадик қўрғонига ҳам зарбалар берди. Айнан шу ер “Жибхад ан-Нусра” жангарилари учун плацдарм хизматини ўтаётган эди. Ҳужум оқибатида жангариларнинг дала қўмондони Абу Дардор ўлдирилди.