АҚШДа "Либерал Би Жейс" ва "Сан-Диего Уэйвс" жамоалари ўртасидаги ўйинда 9 ёшли бейсболчи Кайзер Карлайл бошига урилган бита зарбаси туфайли жон берди. Бу ҳақда "Либерал Би Жейс" жамоасининг фейсбукдаги расмий саҳифасида хабар берилган.

"Катта афсус билан Кайзернинг ота-онаси ва яқинларига ўз ҳамдардлигимизни билдирамиз. Барчадан унинг оиласи ва яқинларини қўллаб-қувватлашини сўраймиз", деб ёзилади таъзияномада.

Маълум бўлишича, бу фожиа юз берган ўйин 1 август куни Канзас штатидаги Либерал шаҳрида ўтказилган. Ассошейтед Пресс нашри хабарига кўра, ўйинчилардан бири тасодифан Карлайлнинг бошига уриб юборган. Карлайлнинг бошида ҳимоя дубулғаси кийилган, лекин бу уни ўлимдан сақлаб қола олмаган.