Ўзбекистонлик бир қатор эпидемиолог мутахассислар ва шифокорлар кўчаларда тегишли қоидаларга риоя қилинмаган ҳолда сотиладиган полиз экинларини харид қилмасликка чақирмоқда. Айтилишича, ёзнинг иссиғида бундай маҳсулотлар истеъмолчининг
соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкин.
Жумладан, Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Қамариддин Боқиев “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсида деҳқон бозорларида фаолият юритаётган ветеринария-лаборатория
пунктлари маҳсулотларни текшириб сотувга рухсат бериши, аммо белгиланмаган жойларда, кўча бўйида, чорраҳаларда, даҳалар ичида, араваларда уйма-уй қовун-тарвуз сотиб юрганлар бундай талабларга риоя қилмаётганликларини таъкидлаб ўтди.
“Улар сотадиган полиз маҳсулотлари хавфсизлик кўрсаткичларига текширилмай ёки қуёш нури яққол тушиб турган жойларда эмин-эркин сотилишига гувоҳ бўламиз, – дейди у. – Мазкур ҳолат маҳсулот сифатининг бузилишига олиб келади. Истеъмолчи
эса меванинг қаерда етиштирилгани, унинг соғлиққа таъсир кўрсатиши мумкин ёки мумкин эмаслигидан мутлақо бехабар”.