Adidas компанияси аёллар учун мўлжалланган “Манчестер Юнайтед” клубининг сувенир футболкаларининг олдини эркакларникига нисбатан ўта очиқ чиқаргани учун танқидга учради. Бази мухлисаларнинг фикрича, футболканинг тепа қисми жуда чуқур қирқимга эга. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда. 

“Adidas, шу ишинг жиддийми? Нима учун аёллар футболкаси эркакларникига нисбатан очиқ ишланган? Бизлардан баъзиларимиз ҳаммага сийнамизни кўрсатиш истагида ёнмаймиз”, деб эътироз билдирди клубнинг мухлисаларидан бири твиттерда. 

Adidas’нинг янги спорт коллекцияси август бошида сотувга чиқарилган эди. Кийимларнинг асосий қисми “Манчестер Юнайтед” футболчилари майдонга тушадиган спорт кийимининг айнан ўзини такрорлайди.

“Adidas ассортиментида “Манчестер Юнайтед” футболчилари майдонга тушадиган футболканинг айнан ўзига ўхшаш нусхаси билан бир қаторда аёллар учун ишлаб чиқарилган эркин услубдаги футболка ҳам мавжуд. Тадқиқотлар натижаларига асосланиб, аёллар учун футболканинг дизайни асл дизайндан ўзгача ишланган эди. Бу клуб мухлисаларига танлаш имкониятини беради”, деб изоҳ берди ушбу ҳолатга компания матбуот хизмати.   

Коллекция 2014 йилнинг июлида клуб билан Adidas ўртасида тузилган, 10 йилга мўлжалланган 750 млн фунт стерлингли шартнома реклама кампаниясининг бир қисми сифатида чиқарилган. Ушбу шартнома жаҳон футболи тарихидаги энг катта қийматга эга шартнома бўлди.