Андижон шаҳрида Самарқандда ишлаб чиқарилган “Samavto LE 60” русумли янги автобуслар аҳолига хизмат кўрсата бошлади.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги байрами арафасида Андижон шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига транспорт хизмати кўрсатиш даражасини юксалтириш мақсадида “Андижонтранс” автокорхонаси, “Шаҳрихон йўловчи транс”, “Автокомбинат”, “Жавоҳирбек транс”, “Оқ йўл транс сервис” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан Самарқандда ишлаб чиқарилган “Samavto LE 60” русумли янги ва замонавий автобуслар олиб келиниб, турли йўналишларда ҳаракати йўлга қўйилди.

"Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами ва сифати тобора ортиб бормоқда.  Айни пайтда ҳар бири 56 нафар йўловчини ташиш имконига эга тўққизта янги автобус шаҳардаги “Аэропорт-Узумзор” йўналиши бўйича ҳаракатланмоқда. Жорий йил охирига қадар шаҳарда бу каби автобуслар сони 100 тага етказилиши кўзда тутилган", – дейди “Андижонтранс” автокорхонаси раҳбари Иброҳимжон Калонов.

Яратилаётган бундай қулайликлар шаҳар аҳлини беҳад мамнун этмоқда.

"Янги, замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилгани, айниқса, биз, кексалар учун жуда қулай бўлди. Чиқиб-тушиш осон, ичи кенг, қулай ва ўриндиқлари юмшоқ. Ўзингизни худди енгил машинада кетаётгандек ҳис этасиз. Халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришни кўзлаб амалга оширилаётган эзгу ишлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз", – дейди Андижон шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Муҳаррам Худойбердиева.