Brent нефть маркасининг нархи 50 доллардан пасайиб кетди

Иқтисодиёт 04 Август 2015 2432

Шимолий денгиз Brent нефть маркасининг нархи январь ойидан бери илк марта бир баррель учун 50 доллардан пасайиб кетди

3 август кечки пайт ҳолатига кўра, ICE Лондон биржасида нефтнинг сентябрда етказиб бериш фьючерс шартномалари нархи бир баррель нефть учун 49,79 долларни ташкил қилди.

Нефть нархига Хитойдан олинаётган хабарлар ҳам таъсир ўтказмоқда: 3 августда чоп этилган Хитой ишлаб чиқариш секторидаги ишбилармонлик фаоллик индекси охирги икки йил ичидаги энг паст кўрсаткич бўлди.

Хитой иқтисодиётининг сустлашиши нефть бозори иштирокчилари томонидан салбий янгилик сифатида қабул қилинмоқда, чунки Хитой АҚШдан кейин нефть истеъмол қилувчи иккинчи рақамли давлат ҳисобланади. Хитой иқтисодиёти қанчалик камроқ нефть ишлатса, бозорда нефтга талаб шунчалик кам бўлади.

Бундан ташқари, бозор иштирокчилари Эроннинг санкциялар олингандан кейин бир неча кун ичида нефть етказиб беришни оширишга тайёрлиги ҳақидаги хабарларга ҳам эътибор қаратишмоқда. Эрон ҳукумати 2 августда санкциялар олингандан кейин бир ҳафта ичида нефть ҳажмини кунига қўшимча 0,5 млн баррелга, бир ойдан кейин эса кунига 1 млн баррелга етказишини маълум қилган.

Ўтган йили Эрон бозорга кунига ўртача 1,4 млн баррель нефть етказиб берган.

Кўпроқ янгиликлар