Бухорода тилла буюмлар савдоси билан шуғулланувчи аёлни тунаб, 800 доллар пулини олиб қочган талончилар гуруҳи машина рақами ўғирлигидан фош қилинди. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

Айтилишича, Фирдавс, Нодир ва Раҳим исмли ёш йигитлар пул топиш мақсадида бозорда тилла буюмлар сотувчи Мунира исмли аёлни кузатиб юришган. Бир куни кечаси аёл уйига қайтаётганида йигитлар унга ҳужум қилиб, 800 доллар пулини олиб қочишган.

Ушбу жараёнда жиноятчилар юзларига ниқоб тақиб олганликларини айтилмоқда.

Бундан ташқари, талончилар қилмишини яшириш мақсадида кўчада қаровсиз қолдирилган Matiz русумли автомашинанинг давлат рақамини ўғирлаб, Lacetti’га тақиб олишган эди. Айнан мана шу ҳолат уларни фош қилиб қўйди: машина эгаси дарҳол ички ишлар идорасига мурожаат қилди. Натижада жиноятчилар тезда қўлга олинди. Уларнинг бошқа бир жиноятга – талончиликка ҳам алоқадор эканлиги тергов жараёнида аниқланди.