Сальвадорнинг Дельгадо шаҳрида ҳаваскор жамоанинг 5 нафар футболчиси ўйин вақтида номаълум шахслар томонидан отиб кетилди. Бу ҳақда Elsalvador нашри хабар берган.

Манбада ёзилишича, 10 нафар жиноятчи футболчиларни ўққа тутган. Бу воқеа Транзит колонияси ва Муқаддас Маргарита Иккинчи колонияси жамоалари ўртасида кечган ўйин вақтида юз бериб, ҳалок бўлганларнинг барчаси биринчи жамоа вакиллари бўлишган.

Дельгадо шаҳри полицияси бошлиғи Уго Салинаснинг хабар беришича, бу жиноятчилар тўдаси ўйин охирлаган вақтда майдонда пайдо бўлишган. Тахминларга кўра, улар Сан-Антонио дарёси қирғоғи тарафдан келишган. Ҳодиса вақтида юзага келган тартибсизлик туфайли улар ҳудудни таъқибсиз тарк этишган.

Полиция бошлиғининг билдиришича, бу воқеа икки жамоа мансуб бўлган икки ҳудуднинг жиноий гуруҳлари ўртасидаги низонинг бир қисми ҳисобланади.