2015-2016 ўқув йилида талабалар учун “Талабалар турар жойида яшаш учун онлайн ариза юбориш”, “Талабалар турар жойи учун электрон тўлов”, “Магистратурага кириш учун онлайн ариза юбориш” каби электрон хизматлар ишга туширилади.

“Талабалар турар жойида яшаш учун электрон ариза юбориш” хизмати интерактив хизмат ҳисобланиб, олий таълим муассасаларига янги ўқишга қабул қилинган талабалар учун мўлжалланган. Талабалар мазкур хизматдан онлайн тарзда ариза беришлари ва бўш яшаш жойи мавжудлиги тўғрисида маълумот олишлари мумкин. Ушбу интерактив хизматдан 2015-2016 ўқув йили бошида (тест синовлари эълон қилингандан сўнг) фойдаланиш мумкин.

“Талабалар турар жойлари учун электрон тўлов” интерактив хизмати олий таълим муассасаларига янги ўқишга қабул қилинган талабалар учун мўлжалланган. Талабалар мазкур хизматдан онлайн тарзда ариза беришлари ва олий таълим муассасаси томонидан тасдиқлангандан сўнг электрон тўловни амалга оширишлари мумкин. Ушбу интерактив хизматдан ҳам 2015-2016 ўқув йили бошида (тест синовлари эълон қилингандан сўнг) фойдаланиш мумкин.

“Магистратурага ўқишга кириш учун онлайн ҳужжат топшириш” интерактив хизмати олий таълим муассасаларининг Магистратура бўлимига кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини олиб боради. Ушбу интерактив хизмат Бакалавр йўналишларини тамомлаган талабалар учун мўлжалланган. Хизмат келгусида ишга тушади.

Ҳозирда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фақатгина “Абитуриентлар ҳужжатлари тўпламини қайтариб олиш учун электрон ариза бериш” хизмати жорий қилинган.

Бунда Олий ўқув юртларига кириш учун топширилган ҳужжатлар тўпламини имтиҳон натижалари эълон қилингандан сўнг қайтариб олиш зарурияти туғилганда, абитуриентлар Ягона портал орқали тўғридан-тўғри ариза юбориши мумкин. Жорий этилган янги хизмат вилоятларда, олий ўқув юртидан олисда истиқомат қилувчи абитуриентлар учун ҳужжатлар тўпламини қайтариб олишда қулай имконият яратади. Хизмат натижасига кўра, абитуриентга буюртма почта орқали ҳужжатлар тўплами қайтарилади. Аризачи яшаш манзилига яқин бўлган почта бўлимларига ташриф буюриб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этган ҳолда ҳужжатларни олиши мумкин.