Бразилиядаги обсерватория Тошкент обсерваториясининг собиқ директори Александр Постоевнинг номи билан аталди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Астрономия институти директори Шуҳрат Эгамбердиев маълум қилди.

Харьков ва Ленинград университетлари битирувчиси Александр Постоев 1928 йилда Тошкентга кўчиб ўтган. 1930 йилдан Тошкент обсерваториясида директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, 1935 йилдан директор лавозимларида ишлаган. Шу йилнинг ўзида физика-математика фанлари номзоди ва Халқаро астрономик иттифоқ аъзоси бўлган.

1936 йил 20 майдан 1939 йил 12 июнгача сиёсий таҳқирловлар сабабли ахлоқ-тузатиш лагерларида озодликдан маҳрум этилган. 1943 йилда Собиқ иттифоқни тарк этган. 1945 йилдан германияда яшаган. 1945-1945 йиллар давомида БМТнинг қочоқлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган. 1952 йилда Бразилияга миграция қилган ва бу ерда Сан-Паулу обсерваториясида ишлаган. Айнан шу обсерватория унинг номи билан аталди.