Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашиш – давлат ва жамият хавфсизлиги гарови” мавзусида семинар ташкил қилинди.

Ихтисослаштирилган божхона комплексининг шахсий таркиби учун уюштирилган мазкур тадбирда Академиянинг “Бошқарувнинг ҳуқуқий асослари” кафедраси доценти, юридик фанлар номзоди Муаттара Раҳимова кўргазмали маърузаси билан иштирок этди.

Маъруза давомида коррупция тушунчасининг мазмуни, коррупцияга қарши кураш тарихи, Ўзбекистонда коррупция жиноятларининг сабаблари ва унинг олдини олиш масалалари ҳамда коррупцияга қарши кураш борасидаги халқаро амалиёт ҳақида атрофлича ахборотлар берилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ мазкур иллатга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги кунга келиб республикамизда коррупцияга  қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланди.

Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида  инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Ушбу иллатга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида 2008 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 13 октябрдаги "Коррупцияга қарши" Конвенциясини ратификация қилди, шунингдек, "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Коррупцияга қарши" конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, Давлатимиз 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган.

Тадбирда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро тажриба ҳақида ҳам атрорфлича сўз юритилди.  Боиси, мазкур муаммо дунёнинг барча мамлакатларига хос бўлиб, унга қарши курашишдаги йўл-йўриқ ва тажрибалар ҳам турличадир.

Семинар якунида божхона органларида ҳам коррупцияга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, божхона органларига қабул қилинган ходимларнинг коррупция жиноятларига йўл қўймасликларини таъминлаш мақсадида “Аҳлоқ кодекси” ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур ички ҳужжат талабларини бузган ходимларнинг хатти-ҳаракатлари божхона органларининг “Аҳлоқ судлари”да кўриб чиқилади ва тегишли чоралар кўрилади.

Шунингдек, божхона ходимларининг ота-оналари, оила аъзоларини жалб қилган ҳолда профилактика-тушунтириш ишлари доимий йўлга қўйилган. Пора бериш ва пора олишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида кўргазмалари плакатлар ва стол устига қўйишга мўлжалланган буклетлар ишлаб чиқилган бўлиб, барча божхона бошқармалари, комплекслари ва постларига тарқатилган.

Божхона постларига ўрнатилган мониторлар орқали эса йўловчилар диққатига мазкур иллатдан огоҳ этишга чақирувчи видеороликлар намойиши йўлга қўйилган. Шунингдек, ўз вазифасини суистеъмол қилишга уринган божхоначилар ҳақида хабар бериш мақсадида “Ишонч телефонлари” узлуксиз фаолият юритиб келмоқда.

Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.