4 август куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида реставратор, этнограф, санъатшунос, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган рассом, Қорақалпоғистон халқ рассоми, Нукус санъат музейи ташкилотчиси ва биринчи директори Игорь Савицкийнинг 100 йиллигига бағишланган «Ўрта Осиё Третякови» номли китоб-расмли кўргазма очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ахборот хизмати хабар беради.

Миллий кутубхонадаги кўргазмада Савицкийнинг «Нукус даври» ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи, унинг дўстлари, давомчилари ва шогирдларининг мусаввир, санъат дурдоналари тўпловчиси, реставратор, қорақалпоқ санъати ва маданияти санъатшунос-тадқиқотчиси, музей ташкилотчиси, раҳбари, етакчи ва устоз сифатида ўзига хос фаолияти ҳақидаги хотира-китоблари ва мусаввирнинг илмий изланишлари натижасида дунёга келган тадқиқотлари ўрин олган.

Китоб ва расмлар билан бир қаторда муаллиф қаламига мансуб «Қорақалпоқ халқ амалий санъати. Ёғоч ўймакорлиги» китоби ҳам кўргазма меҳмонлари эътиборига ҳавола этилмоқда.

Игорь Витальевич Савицкий 1915 йилда таваллуд топган. 1941 йилда Суриков номидаги Москва давлат рассомчилик институтига ўқишга кирган. Касаллиги туфайли армияга чақирилмаган. У таҳсил олаётган институт 1942 йилдан 1944 йилга қадар Самарқандга эвакуация қилинади. Шу ерда у биринчи марта Ўрта Осиё халқларининг ўзига хос ва қизиқарли маданияти билан танишади.

1950 йилда эса у археологик-этнографик экспедиция таркибида Ўзбекистонга келади ва қорақалпоқ халқ амалий санъати намуналари билан қизиқади. Савицкийнинг мероси 7452 расм, 25223 графика, 1322 скулптуралар, 7562 халқ амалий санъати намуналари, 1902 тангалар, 8618 археологик топилмалардан ташкил топган.

Савицкий «Ёғоч ўймакорлиги» китоби ва «Қорақалпоқ халқ амалий санъатига доир нодир намуналарини тўплашдаги фаолияти» учун Бердақ номидаги республика мукофоти совриндори ҳисобланади. 2002 йилда эса Ўзбекистон фани ва маданиятининг тараққиётига қўшган ҳиссаси учун, Ўзбекистон Президентининг Фармонига мувофиқ, «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.