Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси 4 август куни Тошкентда йиғинга киришди ва икки кунлик машғулотлардан сўнг Япониянинг Хиросима шаҳрига учиб кетади.

Ушбу мусобақада Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Хиросима шаҳри терма жамоаси (U-19), Польша (U-19) ҳамда Япония (U-19) терма жамоаларига қарши ўйинларда майдонга тушади. Мазкур турнир ўйинлар 7 августдан 13 август кунигача бўлиб ўтади.

Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси 5 август куни Тошкентда йиғинга киришади ва 7 август куни халқаро турнирда иштирок этиш учун Хитойга жўнаб кетади. Темур Олимхўжаев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мазкур турнирда Хитой ҳамда Мўғулистон U-16 ўсмирлар терма жамоаларига қарши ўйинларда майдонга тушади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси 26 сентябрь - 6 октябрь кунлари Бангладешда бўлиб ўтадиган U-19 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати саралаш баҳсларида иштирок этишади.

Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси эса Фаластинда бўлиб ўтадиган U-16 ўсмирлар ўртасидаги ОЧ саралашида қатнашади.