Ўзбекистон Фанлар Академияси сейсмология институти директорининг фан бўйича ўринбосари Аҳмаджон Тўйчиев Gazeta.uz сайтига берган маълумотида яқин ойлар ичида мамлакатда кучли зилзилалар кузатилмаслигини айтиб ўтди.
“Институт мутахассислари томонидан ер қаъри мониторинги узлуксиз тарзда олиб борилмоқда. Бу иш 20 параметр бўйича амалга оширилади. Мамлакатда 50та сейсмик станция ишламоқда, улар силкинишларни қайд қилиб боради. Шунингдек, 12та комплекс станциялари бор. Айни кунда сейсмик фаолликнинг ошганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, – деди Тўйчиев.
“Ўзбекистон ҳар доим зилзилалар бўлган ва бундан кейин ҳам бўладиган ҳудудда жойлашган. Аммо ҳозирги вақтда хавотирланишга сабаб йўқ”, – таъкидлади у.
3 август куни Қирғизистон фавқулодда хизматлари мамлакат сейсмология институтига таянган ҳолда жорий йилда бутун мамлакат бўйлаб сейсмик хавф ошиб бориши ҳақида ахборот берган эди.