“Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Рио Фердинанд Мадриднинг “Реал” клуби ҳимоячиси Серхио Рамосни танқид остига олди. Фердинанднинг фикрича, Рамос “Қироллик клуби” билан тегишли шартномани тузиш мақсадида “Манчестер Юнайтед”дан фойдаланиб, ўзини номуносиб тутган.

“Фикримча, Рамос “Реал”да яхши шартнома олиш учун “Манчестер Юнайтед”дан фойдаланди”, дейди Рио Фердинанд.

Рамоснинг “Реал”даги тақдири узоқ вақт давомида ноаниқ қолаётган эди. Испания терма жамоаси футболчиси 10 млн евро олишни истаган бир пайтда, “Реал” президенти Флорентино Переснинг режаларида футболчига бундай катта маош тўлаш йўқ эди.

Бироқ томонлар умумий қарорга келишга муваффақ бўлишди: Рамос клуб билан шартномасини 2020 йилгача узайтирди ва йилига 9 млн евро маош оладиган бўлди. Бу орада инглиз клуби унга йилига 12 млн евро маош таклиф қилаётган эди ва испан ОАВлари футболчи ўз фаолиятини айнан манкунианликлар сафида давом эттиришини эҳтимоли мавжудлигини айтишаётган эди.