Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан йирик миқдордаги сифати кафолатланмаган уяли телефонларнинг ноқонуний айланиши фош қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ахборот хизмати хабар қилди.

Божхона ходимлари Тошкент кўчаларидан бирида ҳаракатланаётган фуқаро О.Жасуров (исм-шарифлар ўзгартирилган) бошқарувидаги “Ласетти” русумли енгил автоуловини тўхтатиб, кўздан кечирганда, унда ҳорижда ишлаб чиқарилган 726 дона уяли телефонлар ҳамда 386 дона уяли алоқа воситаси аксессуарлари яширинча олиб кетилаётганлиги аниқланди. Суриштирувлар давомида қоидабузар шахс қиймати 118 млн. сўмлик мазкур товар-моддий бойликларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади ва мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бошпочтамт” божхона постида Тошкентда истиқомат қилувчи 3 нафар фуқаро номига АҚШдан йўлланган почта жўнатмалари ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, жўнатмадаги буюмлар орасида тегишли декларацияларда қайд қилинмаган салкам 36 миллион сўмлик 39 дона “LG”, “iPhone 6” ва “iPhone 6+” уяли алоқа воситалари яширилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан суднинг тегишли қарорлари билан жазо чоралари қўлланилди ва далилий ашё сифатида олиб қўйилган товарлар давлат эгалигига ўтказилди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ахборот хизмати божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан фуқаролар 120-76-76 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади.