Ўзбекистонлик спортчи Владислав Мустафин россиялик спорт шарҳловчиси Дмитрий Губерниевнинг эфир вақтида йўл қўйган хатоси юзасидан изоҳ берди.

Спортчининг айтишича, сузиш бўйича ўтказилаётган чемпионат вақтида Губерниев уни ўзбекистонлик деб эмас, беларуслик деб таништирганидан хабардор бўлмаган.

“Қизиқ ҳолат юз берибди. Маълум бўлишича, FINA (Халқаро сузиш федерацияси) рўйхатида менинг исм-шарифим Беларусь номидан ёзилиб қолган. Шу боисдан шарҳловчи Дмитрий Губерниев мени шундай таништирган. Албатта, мусобақага киришганимда мен буни сезмадим. Менга мусобақадан сўнг айтишди. Ҳозирда мазкур ҳолатни бош мураббийимиз аниқлаштирмоқда”, - деди Мустафин.

Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур мусобақада Мустафин ярим финалгача етиб келди, бироқ финал баҳсига йўлланмани қўлга кирита олмади.