“Мистрал”лар Россия ва Франция алоқаларига салбий таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, “Мистраль” тоифасидаги иккита вертолёт ташувчи кемаларни қуриш ва етказиш борасидаги 1.12 млрд евролик шартнома 2011 йил июнида имзоланган эди. Аммо Россияга нисбатан санкциялар жорий қилиниши муносабати билан Франция ушбу шартномани бир томонлама тўхтатишга қарор қилди.
Бугун Россия ва Франция президентлари Владимир Путин ва Франсуа Олланд “Мистрал”лар қурилиши ва етказилиши бўйича шартномани тўхтатиш бўйича келишувга эришгани хабат қилинди. Экспертлар ўртасидаги баҳс-мунозаралардан сўнг Франция авансни, шунингдек, Россияга тегишли асбоб-ускуна ва жиҳозларни қайтариши ҳақида келишувга эришилгани Кремль томонидан тасдиқланди. Таъкидланишича, Франция керакли маблағни Россиянинг тегишли ҳисобларига ўтказиб бўлди ва жиҳозлар қайтарилганидан сўнг кемаларга тўла эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ушбу маълумотлар Елисей саройи томонидан ҳам тасдиқланди.
Тўлов миқдори ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Песков буни аниқ айта олмаслигини таъкидлади: “Аниқ сумма ҳақида гапирмайман. Бу субстантив, тижорий ахборот”.
Шу билан бирга, Кремль вакили шу билан “Мистрал”лар масаласи бутунлай ёпилганлигини таъкидлаб ўтди: “Москва ушбу муаммо назорат остига олинди деб ҳисоблайди, шундай экан, мавзу ёпилди”.
Шу билан бирга, “Ростех” давлат корпорацияси директорининг ташқи иқтисодий фаолият бўйича ўринбосари Дмитрий Шугаев Франция билан алоқалар самарали давом этишига ишонч билдирди.
“Биз ҳамкорлик учун очиқмиз, кўплаб ҳамкорларимиз ўз қонунчилик ташаббуслари доирасида қолаётганини тушунамиз, аммо алоқаларни йўқотмаяпмиз, эшикларни ёпмаяпмиз ва алоқаларни узиш тўғри эмас деб ҳисоблаймиз”, – таъкидлади у.