Facebook компанияси янги тизим учун патент олди. У компанияга банкларга автоматик тарзда фойдаланувчининг дўстлари қандай тўлов қобилиятига эга эканлиги ҳақида ахборот узатиш имконини беради. Шу ахборот асосида банклар мижозга кредит тақдим этиш ёки этмаслик ҳақида қарор қабул қилиши мумкин бўлади. Бу ҳақдаги хабар 4 август куни АҚШ патент ва товар белгилари бўйича бюросининг расмий сайтида пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоққа киритилажак механизм фойдаланувчиларнинг молиявий кўрсаткичларига асосланади. Банклар эса, ўз навбатида, у ёки бу мижознинг кредит мурожаатномасини олиб, ижтимоий тармоқдаги маълумотларга мурожаат этади ҳамда мурожаатчининг дўстлари қандай молиявий аҳволда эканлигини ўрганиб чиқади.

Агар умумий кредит рейтинги керакли миқдорга етса ёки ундан ошса, ижтимоий тармоқ банкка ҳужжатлар пакетини кўриб чиқиш мумкинлигини маълум қилади. Агар дўстлар рейтинги пастроқ бўлиб чиқса, кредит мурожаатномаси автоматик тарзда рад қилинади.
Патент матнида айтилишича, кредит тарихида барча дўстларнинг кўрсаткичлари ҳисобга олинмайди. Асосан энг яқин дўстларга эътибор қаратилади. Мурожаатчи ва унинг ўрганилаётган дўсти ўртасида ишончли алоқалар қанчалар кам бўлса, ўша дўстнинг кредит тарихидаги аҳамияти ҳам шунчалик кам бўлади.

Аммо кредит тарихини текшириш янги патентда кўзда тутилган ҳолатлардан биттасидир. Технологиядан фойдаланишнинг бошқа вариантлари ичида фойдаланувчини спамдан ва рекламадан ҳимоя қилиш ҳам бор. Бу ишлар ишончли алоқаларни ва фойдаланувчининг қизиқишларини ўрганиш асосида амалга оширилади.

Айни пайтда Facebook ўз фойдаланувчиларининг молиявий маълумотларини банкларга узатиш имкониятига эга эмас. Кўплаб кредит ташкилотлари қарз сўровчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ўрганиб, шу асосда унинг ишончлигиги ҳақида хулоса қилишга интилади.