Маълумки, мусулмон кишисининг иккинчи бир мусулмонга нисбатан маълум ҳақ-ҳуқуқлари бор. Чунончи, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки:

"Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида иккинчи мусулмон биродарига нисбатан олтита бурчи бордир: учрашганда салом бериш, меҳмонга чақирса бориш, маслаҳат сўраса яхши маслаҳат бериш, аксириб ҳамд айтса унга дуо билан жавоб қайтариш, бетоб бўлиб қолса кўргани бориш ва вафот этса жаноза ва дафнида қатнашиш”.

Демак, мўминлардан бир киши қазои қадари етиб вафот этса, жанозасида ҳозир бўлиш мазкур бурчлардан биридир. Вафот этган кишининг яқинлари ва қариндошларига таъзия билдириб, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш, мусибатга сабр қилиш ҳақида насиҳатлар айтиш ва марҳумга мағфират сўраб холис дуо қилиш таъзиянинг одобларидандир.

Шариатимиз таълимоти вафот этган киши дафн қилинган кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга рухсат беради. Шу кунлари жанозага келаолмаганлар мусибат етган хонага ёки таъзия хонага келиб вафот этган кишининг яқин қариндошларига таъзия билдиришлари мумкин. Машҳур фатво китобларидан “Ал-фатово ал-Оламгирия”да шундай дейилган: “Шу уч кун ичида маййит чиққан хонадонда овқат қилинмайди. Таъзия билдиришга келган одамларга дастурхон ёзилмайди, зиёфат берилмайди. Мусибат етган хонадон аҳли қайғули бир ҳолатда турганда меҳмонларга қараш, уларга ош-нон тортиш мусибат устига мусибатдир”.

Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳо)нинг биродари Жаъфар ибн Аби Толиб “Муъта” жангида шаҳид бўлганида оиласи ғоятда куюниб аза тутишган. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) атрофдагиларга қараб: “Эй қўшнилар, Жаъфар оиласига таом қилиб чиқаринглар, чунки уларнинг бошларига шундай мусибат тушдики, улар таом ҳақида ўйлашларига имкониятлари йўқ”, - деб марҳамат қилганлар. (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар).

Бизларнинг яхши одатларимиздан бири, мусибат етган хонадон қўшнилари исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда дарҳол таом қилиб чиқаришади. Бу суннатга мувофиқ одатдир. Таом мусибат етган хонадон аҳли ва узоқдан келган меҳмонлар учун тарқатилади. Зарур бўлганда хонадон аҳли ўзлари учун таом тайёрлашлари ҳам мумкин.

Мусибатхонадаги одоблардан яна бири, овозни баланд қилиб гаплашиш, ҳазиллашиш ва кулиш жоиз эмас. Зеро, аза бор жойда бу каби ишлар ҳам диний, ҳам инсонийлик жиҳатидан номақбулдир. Шунингдек, мусибат эгаларидан ҳол-аҳвол сўралганда кулиб эмас, балки мусибат Аллоҳнинг иродаси экани ва унга сабр қилиш лозимлиги ҳақида сўзланади. Таъзияни ҳар қандай тасалли бергувчи сўз билан билдирса бўлади, Лекин, баъзи уламоларнинг айтишича энг яхши таъзия сўзи “Аллоҳ вафот қилганларни мағфират қилиб, ўз раҳматига олган бўлсин ва сизга сабр-бардош берсин” – дейишдир. Бундан бошқача ҳар ким ўзи билган сўз билан кўнгил сўраса ҳам бўлади. Таъзия айтишдан асосий мақсад, мусибат етганларнинг қайғуларини бироз бўлсада енгиллаштиришдир.

Ҳозирги вақтда кўп тарқалган хурофий одатлардан бири шулки, пайшанбалик, якшанбалик деб худойилар қилиш ва йигирмалик, қирқлик номи билан катта-катта қозонларда ош дамлаб кўп маҳаллалардан одам чақириб, катта маросимлар ўтказишдир. Бу ишлар шариатимиз буюрмаган одатлардан эканлиги фиқҳ ва фатво китобларида баён қилинган. Бу ҳақда асримиз уламоларидан Шаҳобиддин ал-Маржоний “Ал-Барқул вамийз” деган китобида: “Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандур, ундан на маййитга ва на соҳиби хонага савоб бор”, деб шарҳлаган.

Ҳозирги вақтда айрим кишилар Ислом таълимотлари ва шариат аҳкомларини яхши билмаганлари туфайли бу маросимларни муҳим, деб билиб уларни ўтказишга катта эътибор билан қарайдилар.

Барчамиз шуни яхши билишимиз керакки, вафот этган киши хотирасига бағишлаб қилинадиган хайр-эҳсонлар мустаҳаб амалдир. Уни шариат таълимотига мувофиқ ҳолда ўтказиш шартдир. Акс ҳолда ундан бўладиган ажру савобдан маҳрум бўлинади. Аммо, оила, фарзандларга қилинадиган нафақа бу - фарз амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун эҳсон қиламан, деб бола-чақанинг ризқини қийиш айни хатодир. Борди-ю маҳалла ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам эҳсон қиладиган бўлса, бу айни гуноҳдир.

Ҳозирги вақтда мусибатхонада бир эмас, бир неча марталаб эҳсонлар қилинмоқда. Бу маросимлар баъзи бир оилалар учун, хусусан ҳозирги бозор иқтисодига ўтиш даврида яна ҳам оғирроқ кечаётгани ҳаммага яхши маълум. (Бундай маросимларни ўтказиш баъзи оилалар учун иқтисодий томондан қийинчилик туғдириши мусибат устига мусибатдир).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши қуйидаги фатвони барча мўмин-мусулмонлар диққат-эътиборларига ҳавола қилиб, унга амал қилишларини сўрайди:

Мусибатхоналарда пайшанбалик ва якшанбалик номи билан қилинаётган эҳсон маросимлари ҳеч бир диний китобларда ёзилмаган ва айтилмаган.
Маййитни иложи борича тезроқ дафн этиш лозим. Маййит соҳиблари қариндош-уруғлари қаерда яшашларидан қатъий назар дафн маросимига етиб келиш имкониятлари мавжуддир.
Мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан бақадри ҳол оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда бирор марта эҳсон қилиб ўтказилса кифоя. Уни ҳам илмий мажлис тарзида ўтказилиб, Қуръон тиловати, ҳадиси шарифлар асосида файзли мавъизалар қилинса мақсадга мувофиқ бўлади.
Қабр атрофини эмас, балки умум қабристон атрофини мустаҳкам девор билан ўраш орқали қабристонлар ҳурматини сақлаш мумкин бўлади.
Шунингдек, никоҳ тўйлари ва ақиқа каби маросимларни ниҳоятда иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказишлик шариатимиз таълимоти руҳига жуда мувофиқдир.
Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари байрам бўлгани учун бу кунларни азага айлантирмасдан ўзига муносиб ҳолда яхши ўтказиш лозим. Марҳумларни ёдлаш ва руҳларига дуои хайр қилиш жоиз, лекин бу ҳайит байрамига таъсир кўрсатмаслиги даркор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча имом-хатибларга, маҳалла оқсоқоллари ва фаолларига жойларда тўй ва бошқа маросимларни жуда ҳам ихчам, ҳар бир оиланинг иқтисодий ҳол-қудратини эътиборга олган ҳолда ўтказишларида уларга тавсия беришларига чорлайди.
Барча диний ва миллий маросимлар тежамкорлик билан, исрофгарчиликсиз ўтказилсин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир” – деб огоҳлантирган (Исро сураси, 27-оят).

“Покизалик имон белгисидир”, - деган ҳадиси шарифга мувофиқ бўлади.
Ислом шариати мусулмонларга ҳаргиз қийинчиликни раво кўрмайди, чунки Қуръони каримда:

“Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят), деб айтилган.

Бошқа бир оятида:

“Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди” (Бақара сураси, 286-оят), дейилган. Аллоҳ таолонинг мазкур оятлари мусулмонлар диний маросимларини осонлик билан ўтказишлари ва бемалол ибодат қилишлари учуннозил бўлган.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг:

“Вафот бўлганларнинг яхши сифатларини айтиб эсланглар”, - деган муборак ҳадисларининг маъносидан ҳам аён бўлиб турибдики, вафот этган одамни ёдлашхотин-қизлар соч юлиб, ёқа йиртиб, кўкрагига уриб йиғлашэмас, балки фақат уни таниган-билган, қўни-қўшнилар, ёру биродарлар ва қариндош-уруғлар йиғилиб дуолар қилиб ёдлашса кифоя.

Юқорида зикр этилган сўзлар шариатимиз кўрсатмаларидан бўлиб, унга амал қилмоқ ҳар бир мусулмон учун икки дунёда савоб ва мукофот ҳосил этишида сабаб бўлади, иншааллоҳ.

Ҳақ таолодан марҳумларимизни мағфират этишини, ёшларимизга тавфиқ ва ҳидоятда бардавом бўлишларини сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар кенгаши раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ

Манба: muslim.uz