Филиппин шимолида “Соуделор” тайфунининг яқинлашиши боис пўртана хавфи эълон қилинди

Жаҳон 06 Август 2015 983

Филиппиннинг шимолий вилоятларида жорий йилнинг энг шиддатли тайфуни бўлмиш “Соуделор”нинг яқинлашиши муносабати билан пўртана хавфи эълон қилинди. Бу ҳақда миллий атмосфера, геофизика ва астрономия хизмати маълум қилди.
Табиий офат архипелагнинг энг шимолий ороли бўлмиш Батанесга айниқса жиддий таҳдид солмоқда. У ерда куннинг иккинчи ярмида кучли ёғингарчилик ва шиддатли шамол бошланиши кутилмоқда.
Синоптиклар берган маълумотларга қараганда, тайфун мамлакат ҳудудидан шанба кунига қадар ўтади, ундан сўнг эса шимоли-ғарбга кўчади ва Хитойнинг жанубий ҳамда шарқий қирғоқ вилоятларига яқинлашади.
Шу билан бирга, офат секин-аста кучини йўқотмоқда. Бугунги кунда шамол тезлиги эпицентрда 210 км/соатни ташкил қилмоқда, кеча бу кўрсаткич 250 км/соатга тенг эди.
7 минг оролдан иборат Филиппин архипелаги ҳар йили 27тагача тайфун ва пўртаналардан азият чекади. Метеокузатувлар тарихидаги энг вайронкор тайфун – “Хайян” 2013 ноябрида 6 минг кишини ҳаётдан олиб кетиб, 10 минг аҳолижойларда истиқомат қилувчи 12 млн аҳолига у ёки бу даражада зиён келтирди.

Кўпроқ янгиликлар