Forbes журнали 2015 йилда юқори технологиялар соҳасида энг катта муваффақиятга эришган тадбиркорлар номини айтди. Йиллик рейтинг журналнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Юз номдан иборат ушбу рўйхатга 51 нафар америкалик, 33 нафар Осиё-Тинч океани минтақаси вакили, 8 нафар европалик, 2 нафар исроиллик, 1 Лотин Америкаси вакили кирди. Бу шахслардан 40 нафари АҚШнинг Калифорния штатида яшайди.

Биринчи ўринни анъанавий тарзда сайёранинг энг бой одами Билл Гейтс эгаллади. Унинг бойлиги 2015 йил ҳолатига кўра 79.6 млрд долларга баҳоланди, шундан 13 фоизи Microsoft акцияларига киритилган. Ўзи яратган компания акцияларидан Гейтс 2014 йилдан – директорлар кенгашини тарк этгандан буён қутулиб келмоқда.
Иккинчи ўринни Oracle асосчиси Ларри Эллисон 50 млрд доллар билан эгаллади. Ўтган йили Эллисон бош директорликни Сафра Кац ва Марк Хердга топширди, ўзи эса директорлар кенгаши раиси бўлиб қолди.

Учинчи ўринда Жеф Безос турибди. Унинг 48 млрд долларлик капиталининг 90 фоизи Amazon акцияларидан иборат. Компания 2015 йил июлида кутилмаганда улкан ўсиш намойиш қилди, Безоснинг бойлиги йил бошидан буён 13 млрд долларга кўпайди.
Энг бой ITчиларнинг умумий бойлиги 842.9 млрд долларга баҳоланди. Уларнинг ўртача ёши 53ни ташкил қилди. Энг ёш миллиардер Snapchat асосчиси ва бош директори Эван Шпигель бўлиб чиқди – у ҳозир 25 ёшда. Intel’нинг асосчиларидан бири, 86 ёшли Гордон Мур эса энг кекса миллиардер деб топилди. 100 кишидан 94 нафари нолдан бошлаб бойликка эришган.
Рўйхатга кирганларнинг 7 нафари аёллардир.