Париж шаҳри яқинидаги ҳудудда француз мастифи зотига мансуб ит ер остидан тирик ҳолда чиқариб олиниши билан боғлиқ воқеа катта шов-шувларга сабаб бўлди. Бу кучукнинг эгаси бўлмиш 21 ёшли йигит ўзига қўйилаётган айбловларни имкор қилмоқда ва итнинг ўзи қочиб кетиб, қопқонга тушиб қолганини иддао этмоқда.

The Telegraph нашрида ёзилишича эса, терговчилар унинг сўзларига ишонишмаяпти.

"Бу жуда даҳшатли эди. Мен ердан бошининг ярми чиқиб турган итни кўрдим. Уни кимдир ерга кўмиб ташлагани аниқ эди", деб ёзади ўз фейсбукида воқеа гувоҳи.

Ушбу гувоҳ тезлик билан полициячиларга мурожаат қилган ва кучук қутқариб олинган.

"Кимдир унинг бўйнига шағал тўлдирилган халта боғлаб қўйган экан. Бу ҳолатда жонивор бу чуқурликдан чиқиб кета олмас эди", деб маълум қилди полиция вакили.

Айни дамда бу ит махсус ёрдам кўрсатилиши учун жониворлар клиникасига олиб борилган.

Унинг эгаси бўлган 21 ёшли йигит эса бу кучуги бир неча кун олдин ғойиб бўлиб қолгани ҳақида айтган. Полициячилар унинг гаплари ёлғонлигини айтишмоқда.

"Бу 10 ёшдаги қари ит артрит хасталигига йўлиққан. Бу аҳволида у ҳеч қаёққа қочиб кетмас эди", дейди терговчи.

Айни вақтда итнинг эгаси назорат остида сақланмоқда. Агар унинг жониворга шафқатсиз муносабатда бўлгани тасдиқланса, унга 2 йиллик қамоқ жазоси ва 30 минг доллар миқдоридаги жарима қўлланиши мумкин.

Интернет фойдаланувчилари ҳукуматдан бу борада қонун асосида адолатли ҳукм чиқарилишини сўраб имзо йиғишга киришган.