Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан шу йилнинг 10 август санасидан бутун мамлакат бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланади.

Анъанага мувофиқ, мазкур тадбир ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг етакчи олиму шифокорлари иштирокида ўтказилади. Акция доирасида уруш ва меҳнат фахрийлари ҳамда кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ҳафталиги ҳам ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу йирик ижтимоий тадбирни ташкил этишдан мақсад аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилиш ҳиссини кучайтириш, турли хасталикларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришдир.