Жорий йилда ёзги мавсум бошланганидан буён Ўзбекистондаги чўмилиш ҳавзаларида 4 нафар ўсмир чўкиб кетган. Бу ҳақда "Постда" газетасида ёзилган.

Маълум қилинишича, бу борадаги илк ҳолат 22 июнь куни рўй берган. Ўша куни Фарғона вилоятининг Қува туманидаги 12 мактабнинг 9-синф ўқувчиси "Омад сойкелди" фермер хўжалиги ҳудудидан ўтган Фарғона каналида чўкиб кетган. Унинг жасади каналнинг "Гулистон" қишлоғидан ўтган қисмидан топилган. Тиббий-экспертиза хулосасига кўра, у сувда нафас ололмаслик натижасида ҳалок бўлган.

Худди шунга ўхшаш ҳолат Тошкент вилоятининг Юқори-Чирчиқ туманида ҳам рўй берган. Тумандаги мактаблардан бирининг 7-синф ўқувчиси Қорасув дарёсида чўкиб кетган. Бухоро вилоятидаги Зарафшон дарёсида ҳам Ғиждувон коллежининг 1 курси талабаси чўкиб кетиб ҳалок бўлган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги "Жарқишлоқ" маҳалласида чўкиш натижасида ҳалок бўлган ўсмирнинг жасади топилган. Маълум бўлишича, у Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшаган 23 ёшли йигит бўлиб, у "Дарғом" каналида чўмилаётган вақтида чўкиб кетган.