Қамчиқ довонидан 19.1 км ли темир йўл туннели ўтказилмоқда

Ўзбекистон 06 Август 2015 8939

Ангрен-Поп йўналиши бўйича қурилаётган электрлашган темир йўли участкасида 19.1 км ли туннель қурилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Айтилишича, туннелнинг лойиҳалаштирилиши энг замонавий тажрибага асосланиб, ўз ичига хавфсизлик йўлакларини, галереяларни, вентиляцион хоналар ва муҳандислик коммуникацияларини олади. Жаҳон тунелларининг мураккаб конструкцияси рейтингида ушбу туннель 8-ўринни, туннель ичидаги темир йўл қопламаси узунлиги бўйича 13-ўринни эгаллайди.

Таъкидланишича, янги пўлат магистраль яқин келажакда Марказий Осиёни Хитой билан боғлашга ва транзит соҳасида имкониятларни очиб беришга хизмат қилади.

Қурилишга 4 250 мутахассис ва 720 техника воситаси жалб қилинган. Бугунги кунда амалга оширилган ишлар ҳажми 43 млн кубометрни, бурғулаш ва портлатиш ишлари 16.3 млн кубометрни ташкил қилди. 285 сув қувури ва 6 йўл ўтказгич, 13 темир йўл кўприги, “Орзу” вокзали, Кўл, Темирйўлобод, Қўшминор темир йўл станциялари қуриб битирилди. Ангрендан туннелнинг ғарбий киришигача ҳамда шарқий киришдан Попгача бўлган йўл участкаси электрлаштирилди.

Лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 2013 йил июлидан бошлаб амалга оширилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар