Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари, Қорақалпоғистон иқтисодиёт вазирлиги ходимлари, Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими олимлари Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг беш йиллик дастурини ишлаб чиқишди. Бу борада Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларини ташқи иқтисодий фаолиятга жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратишди.

Айтилишича, айни кунларда Мўйноқда хорижий капиталга эга тўртта корхона фаолият юритмоқда: Bridge-invest МЧЖ, Shuan Yuan ҚК, Moynag Aral Sea МЧЖ ва Dae young licorice Moynag МЧЖ. Аммо туманда минтақалараро ва халқаро транспорт йўллар ва алоқалар, шунингдек, экспортчилар ярмаркаларини ташкил қиладиган майдонлар йўқ.

ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими раиси Негмат Аимбетовнинг сўзларига қараганда, туманнинг молиявий аҳволини яхшилаш учун маҳаллий ресурсларни қайта ишлаш, амалдаги корхоналарни модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадларда келажакда туман йўл инфраструктурасини ривожлантириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, Қўнғирот ва Чимбой туманларини ўзаро боғловчи темир йўл қурилиши режалаштирилмоқда. Чимбой туман марказидан бошланадиган яна бир йўл Тахтакўпир марказигача бориб, сўнг Қозоқдарё қишлоғига қадар етказилади. Сўнгра бу икки йўл бирлаштирилиб, Чимбой-Тахтакўпир-Қозоқдарё – Мўйноқ-Қўнғирот йўналиши ташкил этилади.