Россия бир қатор юристларни ёллаб, уларни ЮКОС иши бўйича ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун АҚШга юборди. Гаага ҳакамлик суди қарорига биноан, Россия ЮКОС акциядорларига 50 млрд доллар тўлаши керак. Бу ҳақда “Коммерсантъ” газетаси ёзмоқда.

Россия манфаатларини White & Case юридик компанияси ҳимоя қилади. Компания аллақачон суд мажлиси муддатини орқага суриш борасида келишувга эришди. Бунга асосий сабаб сифатида ишнинг “ўзига хослиги” ва товон пулининг “Россия бюджети даромадларининг чорак қисмини ташкил қилиши” кўрсатилган.

АҚШдаги суд жараёни 2016 йили бошланади. Судга Россия нуқтаи назарини компания 20 октябрга қадар тақдим этиши лозим. Ўз навбатида, арз қилувчилар унга 22 декабрга қадар жавоб беради, Россия эса 2016 йил 29 январигача ўз далилларини келтиради.
Россиянинг ўз нуқтаи назарини тақдим этишига белгиланган илгариги муддат 21 августга қадар деб белгиланган эди.