Туркияда Эгей денгизи бўйлаб илк ҳалол круизи пайдо бўлади

Жаҳон 06 Август 2015 3069

Туркиянинг Fusion Tour сайёҳлик компанияси ўз мижозларига Эгей денгизи бўйлаб илк ҳалол круизда иштирок этишни таклиф қилди. BGN News нашрининг хабар беришича, круиз лайнери 27 сентябрда Измирдан йўлга тушади. Олти кун давом этадиган саёҳат давомида Грециянинг Родос ва Крит оролларида ҳамда Пирей шаҳрида тўхташлар амалга оширилади. Круиз 2 октябрда ўз ниҳоясига етади.

Кема бортида ҳеч қандай спиртли ичимлик ва чўчқа гўштидан тайёрланган таомлар бўлмайди. Спорт заллари, спа-марказлар, турк ҳаммомлари ва намоз учун хоналар эркаклар ва аёллар учун алоҳида-алоҳида ишлайди.

Fusion Tour компанияси раҳбари Камол Гюнайнинг айтишича, “Усмонлар йўли билан” деб номланган бу круиз давомида сайёҳлар маданият ва тарих ҳақида кўплаб янги маълумотлар билан танишадилар. Мисол учун, кемада сайёҳлар дарвишлар рақсини кузатишлари, тематик фотокўргазмаларга ташриф буюришлари ёки мумтоз турк мусиқасини тинглашлари мумкин бўлади.

Яқин ойларда тур ташкилотчилари ҳалол саёҳатлар географиясини кенгайтириб, Будапешт, Белград, Вена ва бир қатор италян шаҳарларида тўхташлар билан амалга ошириладиган круизлар ўтказишни режалаштирмоқда.

Кўпроқ янгиликлар