Яманнинг иккинчи йирик шаҳри Аданда жойлашган халқаро аэропорти 4 ойдан буён биринчи марта йўловчи самолётини қабул қилди. Бу ҳақда Al Arabiya канали хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу самолёт Жибутидан йўлга чиққан. Унинг бортида яманлик қочқинлар бор эди. Улар хусийларнинг “Ансоруллоҳ” ҳаракати томонидан шаҳар назорат остига олинганидан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган эди.

Аэропорт маъмуриятининг маълум қилишича, яқин кунларда Аданга Халқаро қизил хоч қўмитаси ҳамда “Чегарасиз шифокорлар” гуманитар ташкилоти самолётлари ҳам келиб тушади.
Айни пайтда аэропорт фақат кичик самолётларни қабул қилиши мумкин. Йирикроқ самолётларни қабул қилишга тайёргарлик ишлари 20 кундан сўнг якунланади.