Lincoln компанияси мижозларни 30 регулировкали ўриндиқлар билан таништирди. Улар Continental концепт-карида қўлланади. Компания расмийларининг таъкидлашича, бу технология қулайлик ва ҳашаматнинг “янги босқичи”ни очиб беради.
Ишланма олдидан компания муҳандислари авиакомпаниялар томонидан биринчи тоифа йўловчиларни ташиш учун қўлланиладиган ўриндиқлар технологиясини, шунингдек, хусусий самолётлар ўриндиқларининг функцияларини ўрганиб чиқишди.

Ўриндиқ оёқ, сон, бел, елка, бўйин ва бош учун 2тадан 6тагача ўрнатмага эга бўлади. Уларга пластик ва поролондан ясалган махсус таянч тизими қўлланилган. Бунинг ҳисобига ўриндиқлар турли тана тузилишига эга инсонлар учун мос шаклларга киради.
Шунингдек, ўриндиқ қизитиш, совутиш ва массаж функцияларига эга.

Бундай ўриндиқ 2016 йили чиқариладиган Continental седанида пайдо бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Жорий йилнинг июль ойида ушбу моделнинг норасмий суратлари чоп этилди. Улардан маълум бўлишича, машина интерьери концепт-кар салони билан деярли бир хил бўлади.