6 августда Россиянинг бир қатор вилоятларида санкцияга киритилган маҳсулотларни йўқ қилиш бошланди.

Россиянинг масъул муассасалари ва хизматлари Россияга ноқонуний равишда келтирилаётган маҳсулотларни йўқ қилиш бўйича президент фармонини амалга оширишни бошлади.

Озиқ-овқат эмбаргоси Россия президенти Владимир Путиннинг хорижий санкцияларга жавоб сифатида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадидаги 2014 йил 6 августидаги фармони билан киритилган.

2015 йилнинг 24 июнида Путин озиқ-овқат эмбаргосининг 2016 йилнинг 5 августигача узайтирилиши ҳақида фармонни имзолади. Россия ҳукуматининг қарорига кўра, Россия АҚШ, Европа Иттифоқи, Австралия, Канада ва Норвегиядан мол, товуқ, чўчқа гўшти, сут маҳсулотлари, тирик ва музлатилган балиқ ва раксимонлар, ёнғоқлар, мева-сабзавотларнинг импорт қилинишини чеклаб қўйди.

Путин эмбаргога тушган маҳсулотларнинг йўқ қилиниши ҳақидаги фармонни 29 июлда имзолади. Бу чоралар фуқаролар ўзларининг шахсий истеъмоли учун олиб кираётган маҳсулотларга жорий қилинмайди.

“Бу маҳсулотлар шубҳали сифатга эга маҳсулотлардир. Биз ушбу маҳсулотлар дўконларимизга етказилишини истамаймиз ва фуқароларимизнинг саломатлигини хатар остига қўймаймиз”, деб айтди Россия қишлоқ хўжалиги раҳбари Александр Ткачев.

Россия ҳукумати Россия Федерал божхона хизмати, Россельхознадзор ва Роспотребнадзорга санкция рўйхатига киритилган, мамлакатга олиб кирилаётган маҳсулотларни йўқ қилишни буюрди. Йўқ қилиш жараёни 6 августдан бошланди.

Маҳсулотлар йўқ қилинган илк майдонлар орасида Оренбург ва Белгород квилоятлари ҳам бўлди.

Оренбург вилоятида 20 тонна пишлоқни йўқ қилиш режалаштирилди.

Россельхознадзор вакилининг айтишича, пишлоқ “Российская” деб номланган, бироқ Латвия маркировкасига эга бўлган. Маҳсулот Қозоғистондан олиб келинган, уни олиб келган ҳайдовчи эса германиялик бўлган.

Белгород вилоятида ҳам йўқ қилинган асосий маҳсулот пишлоқ бўлди. Украинадан олиб кирилган 10 тонна пишлоқ йўқ қилинди.

Пишлоқлар каток ёрдамида йўқ қилиниб, сўнгра махсус қазилган ўрага ташланган.