Василий Уткин: “НТВ-Плюс” таҳририяти ҳуқуқий томондан тугатилади ва биз бўшаш ҳақида аризалар ёзиб бўлдик

Спорт 07 Август 2015 5440

“НТВ-Плюс” телеканали шарҳловчиси Василий Уткин Sovsport.ru мухбири билан суҳбатда ўзининг “Матч ТВ” телеканали бош продюсери Тина Канделаки билан твиттердаги ёзишмаларига изоҳ бериб ўтди.

“Мен ўз фикрларимни анча босиқлик билан билдираман, буни қандай қабул қилиш сизнинг ишингиз. Мен бу воқеада изоҳ бериш жоиз бўлган ҳеч нарсани кўрмаяпман.

Тина Гивиевна Канделаки ҳозир менинг бошлиғим эмас. Мен биладиганим, бизнинг таҳририят ҳуқуқий томондан 15 октябрдан тугатилади ва биз ҳаммамиз ишдан бўшаш ҳақида аризалар ёзиб бўлдик. Ҳозир менинг раҳбарим Дмитрий Дмитриевич Чуковский ҳисобланади. Унинг раҳбарининг исми Олег Олегович Колесников. Колесниковнинг раҳбарининг исми эса Александр Всеволодович Вронский. Янада юқоридаги раҳбарнинг исми эса Дмитрий Николаевич Чернишенко. Унинг тепасида ким турганини билмайман. Менимча, тангрининг ўзи бўлса керак.

Биз Тина Гивиевна билан анчадан бери танишмиз. Ҳозирда ўртамизда ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳеч қандай муносабатлар мавжуд эмас. Мен “НТВ-Плюс”да ишлайман, у “Матч ТВ” бош продюсери ҳисобланади. Мен у ерга ўтаманми, йўқми билмайман. Агар таклиф қилишса, боришим мумкин. Ҳаётим ва фаолиятим давомида мен “уйдаги гапларни кўчага ташмалаганим” билан боғлиқ бирор нарсани топиб кўринг-чи. Топа олмайсиз. Чунки мен жуда интизомли одамман. Бу шароитда эса мен ўз фикрларимни, ҳисларимни билдиришда, истеҳзо қилишда ўзимни мутлақо эркин деб ҳисоблайман.

Мени бирор нарса билан хафа қилиш жуда қийин. Семизлигим борасида Тина Гивиевна билан розиман. Мен розилик сифатида қўлларимга қўшиб, оёғимни ҳам кўтаришга тайёрман. Ҳақиқатан ҳам семизларга спортга муносабатни қайта кўриб чиқиш керак. Мен ўз қилмишларидан пушаймон бўлган семиз сифатида ўтган йилнинг 10 январидан бери 85 кг га оздим, чунки ўзимнинг спортга муносабатимни қайта қўриб чиқдим. Қолган семизлар ҳам шундай йўл тутишсин. Мен бутун Москва семизлари номларидан уларни бундай йўл тутишга чақираман”, дейди Уткин.

22 июлда Тина Канделаки таркибида “Матч ТВ” телеканали бўладиган йирик спорт холдингининг бош продюсери этиб тайинлангани маълум қилинганди. Канделаки бунга изоҳ бериб, “унга нолдан бошлаб йирик телевизион спорт таҳририятини қуриш жуда қизиқ бўлишини” айтган. Унинг бу айтган гаплари футбол шарҳловчиси Василий Уткинга тегиб кетган ва улар орасида ўзаро тушунмовчилик юзага келган.

Кўпроқ янгиликлар