Германия Футбол иттифоқи (DFB) 2015 йил 7 сентябрдан 25 сентябргача Ҳеннеф шаҳридаги спорт мактабида ўзининг анъанавий Халқаро мураббийлик курсларини ташкиллаштиради. Германия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган мазкур курслар инглиз тилида олиб борилади. Семинарлар мазмунан DFB томонидан бериладиган “A” ва "B” категорияли лицензияларга мос келади ва футбол назарияси ва амалиётининг турли аспектларини ўз ичига қамраб олади. Германия Футбол иттифоқи (DFB) ҳар йили бутун дунёдан 30 нафар мураббийни ушбу курсларга таклиф қилади ва уларни Миллий футбол федерациялари билан ҳамкорликда танлаб олади.

Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг 2015 йил 6 август куни “Бунёдкор” футбол академияси мураббийси Ёрқин Назаровни қабул қилди. У DFBнинг жорий йилдаги Халқаро мураббийлик курсларида Ўзбекистон номидан иштирок этади.

Ёрқин Назаровни музкур курсларда иштирок этиши билан табриклар экан, элчи спорт соҳасининг Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди ва Ҳеннефдаги мураббийлик курсларида оладиган билимлари мураббийга Ўзбекистоннинг бўлажак футбол юлдузларини тайёрлашда самарали ёрдам беришига умид билдирди.