7 август кунидан эътиборан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси парвоздан олдин йўловчиларнинг оғирлигини ўлчаш тартиботини киритди. Бу ҳақда авиакомпания ахборот хизмати хабар берган.

Хабарда айтилишича, парвоздан олдин йўловчининг қўл юки билан биргаликда ўртача вазнини ўлчаш бўйича тадбир ўтказилади.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси қоидаларига мувофиқ авиакомпаниялар парвозлар хавфсизлигини таъминлаш талабларига риоя қилиш учун мунтазам равишда парвоздан олдин йўловчилар ва уларнинг қўл юкларининг вазнини аниқлаш бўйича тадбирларни ўтказиб туришлари зарур ҳисобланади.

Йўловчиларга рўйхатдан ўтиб бўлгач, ҳаво кемасига чиқишдан олдин самолётга чиқиш зонасида ўрнатилган махсус тарозиларда вазнни ўлчаш таклиф этилади.
Вазн ўлчаш натижаларини қайд этиш бланкасида фақатгина йўловчининг тоифаси (эркак, аёл, бола) кўрсатилади, холос. Бошқа махфий натижалар тўлиқ сақланиши кафолатланади.